«ДЕРМАТОВЕНЕРОЛОГИЯ ВА ЭСТЕТИК ТИББИЁТНИНГ ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАРИ: СОҲАЛАРАРО ВА ИННОВАЦИОН ЕЧИМЛАР» ХАЛҚАРО ИЛМИЙ-АМАЛИЙ КОНФЕРЕНЦИЯСИДА ИШТИРОК ЭТИШ ВА РЎЙХАТДАН ЎТИШ БАДАЛИНИ ТЎЛАШ ТЎҒРИСИДАГИ ОММАВИЙ ОФЕРТА (ШАРТНОМА)
Мазкур ҳужжат «Ўзбекистон Дерматовенерологлар ва косметологлар ассосциацияси» (кейинги ўринларда — Ташкилотчи) томонидан конференцияда иштирок этиш истагини билдирган жисмоний шахс (резидент ва норезидент) ёки юридик шахсга (кейинги ўринларда — Иштирокчи) йўлланган расмий оммавий таклиф (оферта) ҳисобланади.
- ШАРТНОМА ПРЕДМЕТИ
1.1. Ташкилотчи «Дерматовенерология ва эстетик тиббиётнинг долзарб масалалари: соҳалараро ва инновацион ечимлар» мавзусидаги илмий-амалий конференция (кейинги ўринларда — Тадбир)ни ташкил этиш ва ўтказиш ишларини амалга оширади, Иштирокчи эса бир марталик ташкилий бадал (кейинги ўринларда — Тўлов) тўлайди ва Тадбирда иштирок этади.
1.2. Тадбирни ўтказишдан мақсад: тиббиёт соҳасида тажриба алмашиш ва Ташкилотчининг уставида белгиланган нотижорат мақсадларини амалга оширишдир.
1.3. Тадбир ўтказилиш куни (вақти): 2026 йил 16-17 октябр кунлари соат 8:00.
1.4. Тадбир ўтказилиш жойи: Hilton Tashkent City меҳмонхонасида, Тошкент шаҳри, Ислом Каримов кўчаси, 2-уй, 5-блок манзилида ўтказилади.
1.5. Мазкур шартнома-оферта Иштирокчи ва Ташкилотчи ўртасидаги расмий муносабатларда асосий ҳужжат ҳисобланади. Тадбир Иштирокчиси мазкур шартноманинг барча шартлари унга тушунарли эканлигини ҳамда уларни сўзсиз ва тўлиқ ҳажмда қабул қилишини кафолатлайди.
1.6. Мазкур оферта тасдиқланган санадан бошлаб кучга киради ва Тадбир якунига қадар амал қилади.
- АКЦЕПТ ТАРТИБИ (ШАРТНОМАНИ ТУЗИШ)
2.1. Офертани акцептлаш (Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига кўра, шартномани тўлиқ ва сўзсиз қабул қилиш) Иштирокчи томонидан конференциянинг расмий веб-сайтидаги рўйхатдан ўтиш шаклини тўлиқ тўлдириш, мазкур Оферта шартларини қабул қилганлигини тасдиқлаш ва танланган иштирок тоифаси бўйича белгиланган тўловни амалга ошириш орқали бажарилади.
2.2. Тўлов амалга оширилган пайтдан бошлаб мазкур шартнома икки томонлама имзоланган юридик кучга эга ҳужжат деб тан олинади.
2.3. Иштирокчининг рўйхатдан ўтиши Ташкилотчи томонидан унинг электрон почта манзилига рўйхатдан ўтиш рақами ва тасдиқнома юборилганидан сўнг якунланган ҳисобланади.
2.4. Офертани акцептлаш ва Тадбирда иштирок этиш учун тўловни амалга ошириш муддати 2026 йил 17 октябрь соат 12:00 га қадар белгиланади.
2.5. Рўйхатдан ўтиш бадали тўлов амалга оширилган санага қараб қуйидаги даврлар бўйича белгиланади:
- эрта (имтиёзли) рўйхатдан ўтиш — 2026 йил 10 сентябр соат 23:59 га қадар;
- стандарт рўйхатдан ўтиш — 2026 йил 11 сентябр соат 00:00 дан 25 сентябр соат 23:59 га қадар;
- кеч рўйхатдан ўтиш — 2026 йил 26 сентябр соат 00:00 дан 17 октябрь соат 12:00 га қадар.
2.6. Муддатдан кейинги тўловлар:
Белгиланган муддатдан кечиктириб амалга оширилган тўловлар Ташкилотчи томонидан акцепт сифатида қабул қилинмайди. Бундай ҳолатда Ташкилотчи Иштирокчига сертификат тақдим этиш ва Тадбирда жой билан таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олмайди. Тўланган маблағлар Иштирокчининг ёзма мурожаатига асосан 10 иш куни ичида қайтариб берилади.
- ТЎЛОВ (ТАШКИЛИЙ БАДАЛ) МИҚДОРИ ВА ТАРТИБИ
3.1. Бир марталик ташкилий тўлов (бадал) миқдори рўйхатдан ўтиш муддатига қараб қуйидаги миқдорларда белгиланади:
— маҳаллий маърузачи сифатида иштирок этиш учун — Ташкилий қўмита томонидан маърузачи мақоми тасдиқланган тақдирда: эрта рўйхатдан ўтилганда — 600 000 сўм, стандарт рўйхатдан ўтилганда — 900 000 сўм, кеч рўйхатдан ўтилганда — 1 200 000 сўм;
— махсус косметология шўъбалари ва амалий маҳорат дарсларидан ташқари тадбирнинг барча шўъбаларида иштирок этиш учун: эрта рўйхатдан ўтилганда — 600 000 (олти юз минг) сўм, стандарт рўйхатдан ўтилганда — 900 000 (тўққиз юз минг) сўм, кеч рўйхатдан ўтилганда — 1 200 000 (бир миллион икки юз минг) сўм;
— конференциянинг барча шўъбалари, махсус косметология шўъбалари ва амалий маҳорат дарсларида иштирок этиш учун: эрта рўйхатдан ўтилганда — 1 200 000 (бир миллион икки юз минг) сўм, стандарт рўйхатдан ўтилганда — 1 800 000 (бир миллион саккиз юз минг) сўм, кеч рўйхатдан ўтилганда — 2 400 000 (икки миллион тўрт юз минг) сўм;
— талабалар, интернлар, клиник ординаторлар ва резидентлар учун — Ташкилий қўмита томонидан резидент мақоми тасдиқланган тақдирда: эрта рўйхатдан ўтилганда — 300 000 (уч юз минг) сўм, стандарт рўйхатдан ўтилганда — 450 000 (тўрт юз эллик минг) сўм, кеч рўйхатдан ўтилганда — 600 000 (олти юз минг) сўм;
— «Ёш олимлар танлови»да иштирок этиш учун: рўйхатдан ўтиш муддатидан қатъи назар ташкилий бадал ундирилмайди;
— хорижий иштирокчилар учун: рўйхатдан ўтиш муддатидан қатъи назар ташкилий бадал — 150 (юз эллик) АҚШ доллари;
— хорижий маърузачи сифатида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш муддатидан қатъи назар ташкилий бадал ундирилмайди.
Мазкур бандда кўрсатилган тўловлар ҚҚСсиз ҳисобланади.
3.2. Ташкилий бадал конференцияни ташкил этиш харажатларини қоплаш ҳамда Ташкилотчининг уставда назарда тутилган нотижорат фаолиятини амалга оширишга йўналтирилади.
3.3. Тўлов Ташкилотчининг ҳисоб-рақамига пул ўтказиш ёки тўлов тизимлари (Payme, Click ва ҳ.к.) иловалари орқали амалга оширилади. Тўловлар (веб-сайт орқали онлайн ёки Payme, Click ва ҳ.к.) иловалар орқали рўйхатдан ўтиб амалга оширилиши мумкин.
3.4. Иштирокчи томонидан ташкилий бадалнинг бир марталик тўлови амалга оширилиши унинг ушбу Конференцияда иштирок этиш ҳуқуқини тасдиқлайди ва мазкур Оферта шартларини тўлиқ қабул қилганлигини англатади.
- ТОМОНЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ
4.1. Ташкилотчи мажбуриятлари:
- Тадбирни юқори савияда ташкил этиш;
- Иштирокчини танланган иштирок тарифи доирасида конференция материаллари билан таъминлаш. Конференцияда шахсан иштирок этганлиги белгиланган тартибда тасдиқланган иштирокчига конференция якуни бўйича сертификат бериш. Фақат рўйхатдан ўтиш бадали тўланганлиги сертификат олиш учун етарли асос ҳисобланмайди.
- Тадбирни ўтказиш шартлари, хусусан ўтказилиш санаси ўзгарган тақдирда, Ташкилотчи Иштирокчиларни хабардор қилиш мажбуриятини олади. Муддатлар кўчирилганлиги ҳақидаги барча маълумотлар расмий веб-сайтда жойлаштирилади.
- Ташкилотчи ўз кучи билан ёки (Тадбирнинг Техник ҳамкори ва Ахборот ҳамкорини) тегишли шартномалар асосида жалб қилган ҳолда, Тадбир давомида фото ва видео тасвирга олиш ҳамда олинган материаллардан ўз хоҳишига кўра фойдаланиш ҳуқуқига эга. Ушбу материалларга нисбатан мутлақ муаллифлик ҳуқуқи ва муаллифлик ҳуқуқига турдош ҳуқуқлар Ташкилотчига тегишли бўлиб, улардан фойдаланиш фақат Ташкилотчининг ёзма рухсати билан амалга оширилиши мумкин.
4.2. Иштирокчи мажбуриятлари:
- Шартномада белгиланган муддатда тўловни амалга ошириш;
- Иштирокчи иштирок этиш жараёнида тартиб-интизомга риоя қилиши, ўз ҳаракатлари билан бошқа Иштирокчиларга ноқулайлик туғдирмаслиги, шунингдек, Тадбир ўтказилишига халақит бермаслиги шарт. Ушбу банд шартлари бузилган тақдирда, Ташкилотчи Иштирокчини Тадбирда иштирок этишига йўл қўймаслик (тадбирдан четлаштириш) ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
- Иштирокчи Тадбир натижалари устидан низолашиш, бошқа Иштирокчилар, Ташкилотчилар ва Тадбирни ташкил этишга жалб қилинган учинчи шахслар ҳақида салбий маълумотлар тарқатиш ҳуқуқига эга эмас.
- ТЎЛОВНИ ҚАЙТАРИШ ШАРТЛАРИ
5.1. Иштирокчи 2026 йил 16 сентябрь соат 23:59 га қадар Тадбирда иштирок эта олмаслиги ҳақида ёзма ёки электрон шаклда хабар берса, тўланган маблағнинг 50 фоизи қайтарилади.
5.2. 2026 йил 17 сентябрдан бошлаб юборилган мурожаатлар бўйича, шунингдек, Тадбир бошланганидан кейин тўлов қайтарилмайди.
5.3. Тадбир Ташкилотчи ташаббуси билан бекор қилинган тақдирда, Иштирокчи томонидан тўланган маблағ тўлиқ қайтарилади.
5.4. Тадбир бошқа санага кўчирилган тақдирда, Иштирокчи янги санада иштирок этиш ёки тўловни қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
5.5. Тўловни қайтариш Иштирокчининг ёзма ёки электрон мурожаати, тўловни тасдиқловчи ҳужжат ва шахсни идентификация қилиш учун зарур маълумотлар асосида амалга оширилади.
5.6. Маблағлар тўлов амалга оширилган тўлов воситасига қайтарилади. Тўлов ташкилотлари ва банклар томонидан ундирилган комиссияларни қайтариш тартиби уларнинг амалдаги қоидаларига мувофиқ белгиланади.
5.7. Тўловнинг такрорий ёки техник хато натижасида ортиқча амалга оширилганлиги тасдиқланган тақдирда, ортиқча тўланган маблағ Иштирокчининг мурожаати асосида қайтарилади.
- ШАХСГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАРНИ ҚАЙТА ИШЛАШ ВА РОЗИЛИК
6.1. Иштирокчи мазкур Оферта шартларига мувофиқ ташкилий бадални тўлаш орқали, Ўзбекистон Республикасининг 02.07.2019 йилдаги «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги ЎРҚ-547-сонли Қонунига мувофиқ, Ташкилотчига ўзининг шахсга доир маълумотларини (Ф.И.Ш., телефон рақами, иш жойи, лавозими ва б.) йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш ва қайта ишлашга тўлиқ ва сўзсиз розилик беради.
6.2. Шахсга доир маълумотларга ишлов беришдан мақсад — Иштирокчини Конференцияда рўйхатдан ўтказиш, унга тегишли сертификат ва материалларни расмийлаштириш, илмий тадбирлар ҳақида хабардор қилиш (ахборот бюллетени) ҳамда Тадбир доирасида ахборот алмашинувини таъминлаш ҳисобланади.
6.3. Ташкилотчи Иштирокчининг шахсга доир маълумотлари махфийлигини таъминлаш ва уларни учинчи шахсларга қонунга зид равишда ошкор қилмаслик мажбуриятини олади (қонунчиликда белгиланган ҳолатлар бундан мустасно).
6.4. Иштирокчи ўзи тақдим этган маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун шахсан жавобгардир.
6.5. Иштирокчи Тадбир давомида фото ва видео тасвирга олишга, шунингдек, унинг тасвири туширилган материалларни Ташкилотчининг расмий веб-сайтларида, ижтимоий тармоқларида ва босма маҳсулотларида Тадбирни ёритиш мақсадида фойдаланишга ўз ихтиёри билан розилик беради.
- ЖАВОБГАРЛИК ВА НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШ
7.1. Томонлар ушбу шартнома бўйича мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгар бўладилар.
7.2. Ташкилотчи билвосита зарарлар, йўқотилган фойда ёки Иштирокчининг шахсий харажатлари учун жавобгар эмас.
7.3. Иштирокчи ўз хатти-ҳаракатлари учун мустақил равишда жавоб беради.
7.4. Юзага келган низолар музокаралар йўли билан, келишилмаса, суд тартибида ҳал этилади.
- ФОРС-МАЖОР ХОЛАТЛАР
8.1. Тарафлар ўз ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар (табиий офатлар, давлат чекловлари ва ҳ.к.) туфайли мажбуриятларни бажара олмаса, жавобгарликдан озод этиладилар.
- ТАШКИЛОТЧИНИНГ РЕКВИЗИТЛАРИ
Ўзбекистон Дерматовенерологлар ва Косметологлар Ассоциацияси
Манзил: Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Фаробий кўчаси, 530-уй
Ҳ/Р: 2021 2000 3029 2681 7001
Банк: «Узсаноаткурилишбанк»
МФО: 00440
ОКОНХ: 95120
Тел: +998(90)915-11-00
